Скелет суякларининг УЗИ денситометрияси

Денситометрия — суяк тўқималарининг минерал зичлигини аниқловчи диагностик услуб. Оддий ва оғриқсиз бу услуб суяк структурасини тадқиқ қилиш орқали остеопороз хавфи бор ёки йўқлигини ўз вақтида аниқлашда ёрдам беради. Текширувнинг бу услуби бир неча турларга бўлинади:

миқдорий ультратовушли денситометрия (КУДМ)

қўшэнергетик рентген абсорбциометрия (ДРА)

миқдорий магнит-резонанс томография (КМРТ)

миқдорий компьютер томографияси (ККТ)

Денситометрия рентгенографияга асосланган бўлишига қарамай бемор текширув чоғида жуда оз – оддий флюорографияга нисбатан 20 марта камроқ нурланиш олади. Денситометрия – суяк тўқимасининг минерал зичлиги пасайиши ва микротузилмаси бузилиши, моддалар алмашинуви ўзгариши билан кечувчи тизимли касаллик бўлган остеопороз хавфи бор ёки йўқлигини эрта аниқлашнинг асосий услуби ҳисобланади.

Денситометрия тақдим этган маълумотлар жуда қимматли бўлиб, шифокор суяклар нур ўтказишига кўра шаффофлигини «ўз кўзлари» билан кўради ва суяк тўқималарининг миқдорий зичлигини рақамли ҳисоб-китоб орқали батафсил ўрганади.

Суяклар денситометрияси икки кўрсаткични ошкор қилади: Т-балл ва Z-балл. Суякнинг минерал зичлиги даражаси (МПК) Т-балл билан ифодаланади. Меъёрий кўрсаткичлар +2,5дан -1,0гача оралиқда бўлади. Агар бу кўрсаткич -1,0 дан -2,5 гача бўлса, демак гап остеопения ҳақида кетмоқда. Остеопорозда Т-критерий -2,5 ва ундан паст бўлади.

Z-балл — бу бемор суяк массасининг зичлигини унинг ёшидаги бошқа бир одамники билан қиёслашдан иборат. Жуда юқори ёки паст Z-балл кўрсаткичи қўшимча текширувлар ўтказтилишига сабаб бўлиши мумкин.

Денситометрия ёрдамида суяк тўқимаси ўз зичлигини йўқотишини ўлчаш, ундаги минераллар таркибини баҳолаш, умуртқалардаги синиқлашни аниқлаш, умуртқа поғонасининг умумий ҳолатини таҳлил этиш ва ҳатто сон суяги бошчасининг яқин 10 йил ичида синиш хавфини прогноз қилиш мумкин. Денситометрия текшируви кексаликда остеопороз ривожланиш хавфи бўлган беморлар, чекувчилар, кортикостероидлар қабул қилувчилар, қандли диабетга чалинганлар, калций ва D витамини етишмовчилигидан азият чекувчиларга ва постменопауза давридаги аёлларга тавсия этилади. Юқори технологиялар қўлланилишига қарамай бу текширув жуда оддий ва оғриқсиз бўлиб, бемор махсус ўринга шунчаки ётади, ўрганилаётган майдон устида ренген нурлари юборувчи аппарат ишлатилади ва у мониторга тасвир узатади. Текширув 10-30 дақиқа вақт талаб қилади.